Транспорт
Марказий Осиё ўзига хос геостратегик жойлашувга эга. Бир пайтлар бу вазифани Европани Хитой ва Ҳиндистон билан боғлаб турган Буюк Ипак йўли бажарган эди.
Бугун Марказий Осиё давлатлари транспорт йўналишлари замонавий иқтисодий, технологик ва логистик стандартларни инобатга олган ҳолда тикланмоқда, модернизация қилинмоқда.
Ҳудуд денгизга чиқиш имкониятига эга эмаслиги сабабли, транспорт ва логистик боғланиш ривожланишнинг асосий йўналишига айланиши зарур. Эҳтимол, мавжуд коридорлар, экспорт йўллари ва ички маршрутларни бирлаштирадиган ягона минтақавий транспорт стратегиясини ишлаб чиқиш вақти келгандир. Аслида гап Евроосиё қитъасининг марказий узеллари ҳақида кетмоқда. Шу билан бирга, минтақанинг жаҳон савдосидаги ҳозирги ўрни унинг салоҳиятига нисбатан анча паст: Европа ва Шарқий Осиё ўртасидаги йиллик товар айланмаси 1,5 триллион АҚШ долларидан ошса-да, Марказий Осиёнинг ундаги ҳиссаси ҳамон 3 фоиздан кам.
Минтақанинг салоҳияти ва амалдаги ўрни ўртасидаги фарқ инфратузилманинг етарлича ривожланмаганлиги, институционал тўсиқлар, минтақадаги давлатлар ўртасидаги мувофиқлашувнинг йўқлиги каби бир қатор омиллар билан изоҳланади. Шунга қарамай, айнан мана шу фарқда улкан салоҳият мужассам.
Сценарийлар
Мавжуд транспорт йўналишлари, жумладан, Қозоғистон ва Россия орқали ўтувчи шимолий йўналиш, шунингдек Кавказ ёки Хитой орқали бўладиган марказий коридор ташқи омилларга катта даражада боғлиқлигини кўрсатмоқда. Геосиёсий беқарорлик, санкциявий чекловлар, инфратузилмадаги муаммоли нуқталар ва техник стандартлардаги фарқлар етказиб бериш йўлларининг узилиб қолиши ва логистика харажатларининг ошиб бориш хавфини юзага келтиради.
Осиё тараққиёт банкининг баҳолашича, транспорт тизимларини модернизация қилиш учун 2030 йилгача тахминан 500 миллиард АҚШ доллари талаб қилинади. Шу билан бирга, CAREC доирасида 22 та транспорт лойиҳаси амалга оширилган (2001-2024 йилларда 6,1 миллиард АҚШ доллари ҳажмида), Хитой “Бир белбоғ-бир йўл” ташаббуси доирасида 20 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ сармоя киритган, ЕИ эса “Global Gateway” дастури доирасида Транскаспий йўналишини ривожлантириш учун 10 миллиард еврогача инвестиция киритиш режасини эълон қилган.
Бу истиқболли коридор икки асосий темир йўл йўналишини ўз ичига олади: I йўналиш — Термиз – Мозори Шариф – Ҳирот йўналиши орқали Бандар-Аббос ва Чобаҳор портларига; II йўналиш — Термиз – Найбобод – Майдоншаҳр – Лоғар – Харлачи налиши – мазкур йўналишлар ишлаб чиқиш ва келишиш босқичида. Покистон портларига чиқувчи Трансафғонистон темир йўлининг (647 км) тахминий қиймати 4,6 миллиард АҚШ долларига баҳоланмоқда. Ушбу икки коридор бўйича кутилган юк оқими йилига қарийб 10 миллион тоннани ташкил этади, кейинги ўн йилда эса, 40 миллион тоннагача ошиши мумкин. Дастлабки баҳолашларга кўра, мазкур коридор орқали юк ташиш муддати 35 кундан 3-5 кунгача қисқаради, шунингдек, контейнер ташиш харажатлари деярли икки баробар камаяди.Бундай ресурсларнинг юқори даражада бир жойга тўпланиши йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш имконини берса-да, манбаларни диверсификация қилиш ва ДҲШ воситаларини кенгайтириш орқали барқарорликни оширишнинг аҳамиятини алоҳида кўрсатиб беради.
Жаҳон банки ва минтақавий таҳлилий маълумотларга кўра, 2023 йил (сўнгги мавжуд ҳисобот бўйича), Марказий Осиё давлатлари логистик самарадорлик индекси (Logistics Performance Index, LPI) бўйича бир-биридан сезиларли даражада фарқ қилади. Энг юқори натижа Қозоғистонга тегишли бўлиб, у 139 мамлакат орасида 79-ўринни эгаллаб, 2,7 балл кўрсаткичга эга, бу минтақада энг яхши кўрсаткичдир. Ўзбекистон 88-ўринда, 2,6 балл натижа қайд этган – бу сўнгги йилларга нисбатан ўртача ўсишни кўрсатади. Тожикистон 97-ўринда (2,5 балл атрофида) бўлиб, рейтингнинг паст қисмида қолмоқда, Қирғизистон эса тахминан 2,3 балл ва 123-ўрин билан Марказий Осиё давлатлари орасида энг паст логистик самарадорлик кўрсаткичига эга.
Айни пайтда автотранспорт минтақадагиюк айланмасининг тахминан 70 фоизини ташкил этмоқда, бу эса ушбу ташиш турига юқори тобеликдан далолат беради. Шу билан бирга, бу темир йўл ва мультимодал ечимларга ўтиш учун катта истиқбол яратади, бу эса глобал “яшил логистика” кун тартибига тўлиқ мос келади.
Магистрал транспорт йўлакларининг ривожланиши жадал суръатда бормоқда ва бу келажакдаги ўсиш учун мустаҳкам пойдевор яратади. Айни пайтда, минтақавий ва маҳаллий инфратузилмани кенгайтириш муҳимлигини кўрсатади, чунки бу қишлоқ ва тоғли ҳудудларни умумий транспорт тизимига жалб этиш ҳамда транзитдан кўпроқ инсонларнинг манфаатдор бўлишини таъминлайди.
Агар транспорт тизимларини ривожлантириш минтақадаги мамлакатлар саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш билан биргаликда амалга оширилса, Марказий Осиё Евроосиёдаги асосий транзит марказларидан бирига айланиши мумкин. Прогнозларга кўра, лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилса, 2050 йилга бориб транзит ташиш ҳажми 3–4 баробарга ортиши, минтақанинг Евроосиё транзитидаги улуши 3 фоиздан 8–10 фоизгача ошиши ва ташувлардан тушадиган йиллик даромад 25–30 миллиард АҚШ долларига етиши мумкин. Шу билан бирга, темир йўл транспорти улушини 55–60 фоизгача ошириш углерод изини 35–40 фоизга камайтиради, транспорт-логистика сектори улуши эса минтақадаги мамлакатлар ЯИМида ҳар йили 1,5–2 фоизни ташкил қилиши мумкин.Тавсиялар
- 1 Алоҳида аҳамиятга эга йўналиш – темир йўл ташувлари улушини ҳозирги 30 фоиздан 2035 йилга бориб 45-50 фоизгача оширишдир, бунинг учун темир йўлларни кенг қамровли электрлаштириш, замонавий ҳаракат таркибини харид қилиш ва контейнер сервисларини жадал ривожлантириш талаб этилади. Хоргос, Ақтау, Тошкент, Хўжанд каби мультимодал ҳаблар ва қуруқлик портларини ташкил этиш миллий ва минтақавий транспорт тармоқлари билан изчил ҳамкорликда амалга оширилиши зарур, бу орқали юк оқимларининг ягона тақсимот тизими шаклланади ва алоҳида қисмларга тушадиган юкламалар камаяди. Муҳим йўналишлар сифатида халқаро автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, логистика марказларига кириш йўлларини яхшилаш ҳамда электрлаштирилган темир йўллар узунлигини ошириш масалалари қолмоқда.
- 2 Ҳатто замонавий инфратузилма мавжуд бўлган тақдирда ҳам, минтақанинг транзит салоҳияти институционал ислоҳотларсиз тўлиқ амалга ошмаслиги мумкин. e-TIR ва e-CMR каби халқаро рақамли стандартларга ўтиш ҳамда қўшни давлатлар (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистон) билан электрон маълумот алмашинувини йўлга қўйиш транзакцион харажатларни камайтиради, юкларни расмийлаштиришни тезлаштиради ва коррупция хавфларини пасайтиради. Муҳим йўналишлардан яна бири – чегара пунктлари инфратузилмасини ривожлантириш: қўшимча логистика марказларини қуриш ва юкларни назорат ва текшириш учун замонавий ускуналар билан жиҳозлаш.
- 3 Узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш учун молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиб, Европа Иттифоқи, ОТБ, Жаҳон банки, ЕТТБ ва миллий жамғармалар ресурсларини уйғунлаштириш зарур. Давлат-хусусий шериклик механизмларини ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, 2030 йилгача транспорт лойиҳаларида унинг улуши 20-25 фоизгача етиши зарур. Ундаги муҳим шарт – ташқи қарзларни бошқаришда шаффофликни ошириш ва лойиҳаларнинг ижтимоий-иқтисодий таъсирини ҳисобга олган ҳолда уларнинг самарадорлигини тизимли баҳолашдир.
- 4 Алоҳида давлатларнинг якка тартибдаги ҳаракатлари минтақанинг тўлиқ салоҳиятини очишга имкон бермайди – бунинг учун минтақавий даражада мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар зарур. Умумий стратегияларсиз лойиҳаларнинг такрорланиши кузатилади ва Марказий Осиёни ягона транзит ҳудуди сифатидаги рақобатбардошлигини пасайтиради. Бунда техник параметрлар, тарифлар ва инфратузилмага кириш қоидаларини стандартлаштириш ҳамда қўшма молиялаштиришни таъминлайдиган минтақавий мувофиқлаштириш механизмини яратиш муҳим қадам бўла олади.
- 5 Минтақада транспорт-логистика лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш учун Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган Инфратузилмавий ривожланиш бўйича кенгашни ташкил этиш ва устувор минтақавий лойиҳаларни молиялаштириш учун махсус Жамғарма тузиш зарур. Ушбу тизимли ёндашув стратегияларни синхронлаштириш ва инвестицияларни самарали жалб қилиш имконини беради.
